25.The Criterion
- Оламларга огоҳлантирувчи бўлсин учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир
- У, осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир
- У Зотдан бошқа, ҳеч нарса ярата олмайдиган, ўзлари яратиладиган, ўзлари учун зарарга ҳам, нафга ҳам эга бўлмайдиган, ўлимга ҳам, ҳаётга ҳам, қайта тирилишга ҳам молик бўлмайдиган «худо»лар тутдилар
- Куфр келтирганлар: «Бу (Қуръон) уйдирмадан бошқа нарса эмас. Уни ўзи уйдириб олди ва бунда унга бошқа қавмлар кўмак бердилар», дедилар. Бас, шубҳасиз, зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар
- Улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир. Уларни ёздириб олган. Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар
- Сен: «Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот нозил қилди. Албатта, У мағфиратли ва раҳимли Зотдир», дегин
- Улар: «Бу не Пайғамбарки, таом еб, бозорда юрадир?! Унга бир фаришта туширилса эди, у билан огоҳлантиргувчи бўлар эди
- Ёки унга хазина ташланса ёхуд унинг боғи бўлса-ю, ундан еса», дедилар. Золимлар: «Сизлар фақат сеҳрланган кишига эргашяпсизлар, холос», дедилар
- Сенга қандай мисоллар келтирганига назар сол! Бас, улар йўлдан оздилар. Энди йўл топишга қодир эмаслар
- Агар хоҳласа, сенга ўшандан яхшироғини — остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларни ва қасрларни қилиб берадиган Зот баракотли ва улуғ бўлди
- Йўқ! Улар соатни (қиёматни) ҳам ёлғонга чиқардилар. Ва Биз соатни (қиёматни) ёлғонга чиқарганларга дўзахни тайёрлаб қўйдик
- Вақтики у уларни узоқ жойдан кўрганида, унинг ғазабнок қайнашини ва бўкиришини эшитурлар
- Унинг тор жойига кишанланган ҳолларида ташланганларида эса, ўша жойда (ўзларига) ҳалокат тиларлар
- «Бугунги кунда бир ҳалокатни эмас, кўп ҳалокатни тиланглар!»
- «Бу яхшими ёки тақводорларга тайёрлаб қўйилган мангулик жаннати яхшими?» У (жаннат) улар учун мукофот ва қайтиш жойидир
- Уларга у ерда хоҳлаган нарсалари бор, абадий ҳолда қолурлар. Бу, Роббинг зиммасидаги масъулиятли ваъдадир
- У(мушрик)ларни ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларини тўплаган кунда, У зот: «Анави бандаларимни сизлар адаштирдингизми ёки улар ўзлари йўлдан оздиларми?!» дейдир
- Улар: «Ўзинг поксан! Сендан ўзгани дўст тутмоқ биз учун ярашмас. Лекин Сен уларни ва ота-боболарини (шунчалик) ҳузурлантирдингки, ҳатто улар зикрингни унутдилар ва ҳалокат қавми бўлиб қолдилар», дерлар
- Батаҳқиқ, улар сизларни айтаётган нарсангизда ёлғончига чиқардилар. Энди (азобни) буришга ҳам, ёрдам олишга ҳам қодир бўлмассиз. Сиздан ким зулм қилган бўлса, унга азобни торттирамиз
- Биз сендан олдин юборган Пайғамбарларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қиласизлармикин?! Роббинг кўргувчи бўлган Зотдир
- Бизга учрашдан умидсиз бўлганлар, бизга фаришталар туширилса, ёки, Роббимизни кўрсак эди, дерлар. Батаҳқиқ, улар ўзларидан кетдилар ва катта туғён-ла туғён қилдилар
- Улар фаришталарни кўрадиган кунда, ҳа, ўша кунда жиноятчиларга хушхабар бўлмас. Ва (фаришталар): «Ҳаром, ҳаром», дерлар
- Ва қилган амалига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборамиз
- Ўша кунда жаннат эгаларининг қароргоҳлари ва оромгоҳлари ғоят яхшидир
- У кунда булутли осмон ёрилиб, фаришталар бўлак-бўлак туширилурлар
- У кунда ҳукмронлик Роҳманга ҳақ бўлур. У кун кофирлар учун кўп қийин кун бўлур
- У кунда золим икки қўлини тишлаб: «Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!» дер
- «Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди», дер
- «Батаҳқиқ, менга Зикр (Қуръон) келгандан сўнг у (дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир»
- Ва Пайғамбар: «Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръонни тарк этдилар», деди
- Ана шундай. Ҳар Пайғамбар учун жиноятчилардан душман қилганмиз. Ҳидоят ва ёрдамчиликда Роббинг Ўзи кифоя қилур
- Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Биз сенинг қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни дона-дона қилиб ўқидик
- Улар сенга бирор масал келтирсалар, Биз, албатта, сенга ҳақни ва гўзал шарҳини келтирурмиз
- Жаҳаннам томон юз тубан ҳолларида судраладиганлар, ана ўшалар, маконлари энг ёмон, йўллари энг адашган кимсалардир
- Батаҳқиқ, Биз Мусога китобни бердик ва унга акаси Ҳорунни вазир қилдик
- Бас: «Иккингиз Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмга боринг», дедик. Сўнг уларни ер билан яксон қилдик
- Ва Нуҳ қавми Пайғамбарларни ёлғонга чиқарганларида ғарқ этдик ва уларни одамларга ибрат қилдик. Ҳамда Биз золимларга аламли азоблар тайёрлаб қўйдик
- Од, Самуд ва қудуқ эгаларини ҳамда бу орадаги асрларни эсла
- Улардан ҳар бирига мисоллар келтирдик. Ва уларни қириб битирдик
- Батаҳқиқ, улар ёмонлик ёмғири ёғдирилган шаҳарга келган эдилар. Уни кўрмаган эдиларми?! Йўқ! Улар қайта тирилишдан умидсиз эдилар
- Улар сени кўрган вақтларида масхарага олурлар: «Аллоҳ Пайғамбар қилиб юборган шуми
- Агар сабр қилмаганимизда, албатта, у бизни, сал бўлмаса, худоларимиздан оздирарди-я!» деб. Яқинда — азобни кўрган чоғларида — ким йўлдан озганроқ эканини билурлар
- Ҳавойи нафсини ўзига худо қилиб олганни кўрдингми?! Энди сен унга вакил бўласанми
- Ёки сен уларнинг кўплари тинглай олурлар ё англай олурлар, деб ҳисоблайсанми? Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар
- Роббингнинг сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингми? Агар хоҳласа, уни жилмас қиларди. Сўнгра қуёшни Биз унга далил қилдик
- Сўнгра Биз уни Ўзимизга аста-секин тортиб олдик
- У сиз учун кечани либос, уйқуни истироҳат қилган ва кундузни тирилиш (замони) қилган Зотдир
- У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув туширдик
- У ила ўлик юртни тирилтиришимиз ва ўзимиз яратган кўплаб чорва ҳайвонлари ҳамда инсонларни суғоришимиз учун
- Батаҳқиқ, Биз у(Қуръон)ни эслатма олишлари учун ораларида турлича тасарруф қилиб кўрдик. Одамларнинг кўплари куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар
- Агар хоҳласак, ҳар шаҳарга битта огоҳлантиргувчи юборар эдик
- Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у(Қуръон) билан катта жидду жаҳд қил
- У, икки денгизни — буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва ораларига кўринмас тўсиқ ҳамда очилмас сарҳад қилган Зотдир
- У, сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Роббинг қодир бўлган Зотдир
- Улар Аллоҳдан ўзга, уларга наф ҳам, зарар ҳам етказмайдиган, нарсаларга ибодат қиладилар. Ва кофир, Роббига қарши ёрдамчи бўлгандир
- Биз сени фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юборганмиз, холос
- Сен: «Мен сизлардан бунинг учун ажр сўрамайман, фақат, ким хоҳласа, Робби томон йўл олишини (сўрайман)», деб айт
- Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир
- У осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни олти кунда яратган, сўнгра (Зоти ва улуғлигига муносиб суратда) Аршга юксалган Зотдир. У Роҳмандир. Бас, ўша ўта Хабардордан сўра
- Қачонки уларга: «Роҳманга сажда қилинглар!» дейилса, улар: «Роҳман нима? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?» дерлар. Бу уларнинг узоқлашишини зиёда қилур
- Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли(буюк) бўлди
- У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир
- Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир
- Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказадилар
- Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир
- Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир», дейдиганлардир
- Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар
- Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур
- Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб абадий қолур
- Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли бўлган Зотдир
- Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтар
- Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир ва беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар
- Уларга Роббиларининг оятлари эслатилганда, у(оят)ларга гунг ва кўрлардек ташланмаслар
- Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи қил», дейдиганлардир
- Ана ўшалар сабр қилганлари учун «ғурфа» ила мукофотланурлар ва унда табрик ва салом билан қаршиланурлар
- Улар ўшанда абадий қолурлар. У қандай ҳам гўзал қароргоҳ ва манзилдир
- Сен: «Агар дуо-илтижоларингиз бўлмаса, Роббим сизларга ҳеч қиймат бермас. Бас, батаҳқиқ, сиз ёлғонга чиқардингиз. Энди сизларга (азоб) лозим бўлур», деб айт