4.The Women
- Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқаларини узиш)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингизда кузатиб турувчи Зотдир
- Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур
- Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг). Мана шу, жабр қилмаслигингизга яқинроқдир
- Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин
- Аллоҳ (ҳаётингизни) турғизиш (воситаси) қилган молларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўша моллардан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга яхши сўзлар айтинг
- Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эс-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур
- Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин — фарз қилинган насибадир
- Агар тақсимлашга қариндошлар, етимлар ва мискинлар ҳозир бўлсалар, уларни у(мерос)дан ризқлантиринглар ҳамда уларга яхши гаплар айтинглар
- Ўзлари заифҳол зурриётларини ортдан қолдиришдан қандай қўрқсалар, (бошқалар ҳақида ҳам) шундай қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқсинлар ва тўғри сўз айтсинлар
- Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар
- Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг. Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар. Бу, Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир
- Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг — агар уларнинг боласи бўлмаса — ярми тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг — агар болангиз бўлмаса — чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг. Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир тегур. Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар. Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда Ҳалийм Зотдир
- Ана ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу эса, улкан ютуқдир
- Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, У Зот уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир
- Аёлларингиздан фоҳиша (зино) қилганларига ўзларингиздан тўртта гувоҳ келтиринг. Агар гувоҳлик берсалар, уларни то ўлим етгунча ёки Аллоҳ бир йўл кўрсатгунча уйларида тутиб туринг
- Сизлардан ўша(фоҳиша) ишни қилган икки эркакка озор беринглар. Агар икковлари тавба қилсалар ва тузалсалар, уларни тек қўйинг. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳимли Зотдир
- Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиладир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир
- Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз
- Эй, иймон келтирганлар! Сизларга аёлларни зулм-ла меросга олиш ҳалол эмас. Очиқ фоҳиша иш қилмасалар, берган нарсаларингизнинг баъзисини олиш учун уларни зўрлик-ла ушлаб турманг ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса
- Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг. Уни бўҳтон ва катта гуноҳ ҳолида олаверасизми
- Ва қандай ҳам олурсиз?! Ахир, бир-бирингизга қовушдингиз ва улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку
- Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Бу иш, албатта, фоҳиша, ғазабнок иш ва қандай ҳам ёмон йўлдир
- Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир
- Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир. Ана ўшалардан бошқаларни поклик ва зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз ила талаб қилмоғингиз ҳалол қилинди. Улардан ҳузурланишингиз сабабидан маҳрларини беринг. Бу фарздир. Фарз маҳрдан кейин ўзаро розилик ила келишганингиз гуноҳ эмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир
- Сизлардан ким ҳур мўминаларни никоҳига олишга имкон топмаса, қўлингизда мулк бўлган мўмина қизларингиздан (уйлансин). Аллоҳ иймонингизни билувчи Зотдир. Ҳаммаларингиз бирсиз. Уларни никоҳингизга аҳлларининг изни ила олинг. Ва яхшилик билан маҳрларини беринг. Улар покиза, зинокор эмас ва ўйнаш тутмаган бўлсинлар. Эрга текканларидан сўнг фоҳиша иш қилсалар, уларга ҳур аёлларга бериладиган азобнинг ярми бериладир. Бу бузилишдан қўрққанлар учундир. Сабр қилмоғингиз сиз учун яхшидир. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимлидир
- Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни олдингиларнинг йўлига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайдир. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир
- Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни хоҳлайдир. Шаҳватларга эргашадиганлар эса, улкан оғишга мойил бўлишингизни хоҳлайдир
- Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир
- Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир
- Ким ўшани тажовузкорлик ва зулм ила қилса, албатта, уни дўзахга киритурмиз. Бу эса, Аллоҳга осондир
- Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, гуноҳларингизни кечирурмиз ва сизни яхши жойга киритамиз
- Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг. Эркакларга ўз касбидан насиба бор. Аёлларга ўз касбидан насиба бор. Аллоҳдан фазлини сўранг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир
- Ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсага ҳар бир киши учун меросхўрлар қилдик. Қасамингиз ила боғланганларга насибасини беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир
- Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар — итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк Зотдир
- Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир
- Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчиларни ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас
- Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Ва кофирларга хорловчи азобни тайёрлаганмиз
- Улар молларини кишилар кўриши учун сарфларлар. Ҳамда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмаслар. Кимнинг яқини шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин
- Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирсалар, Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсадан нафақа қилсалар, уларга нима зарар бўладир? Аллоҳ уларни яхши билувчи Зотдир
- Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур
- Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур
- Куфр келтирганлар ва Расулга исён қилганлар ўша кунда ерга қоришиб кетишни истарлар ва Аллоҳдан ҳеч гапни яшира олмаслар
- Эй, иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда — то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча — намозга яқинлашманг ва жунуб ҳолингизда ҳам, то ғусл қилмагунингизча. Магар йўлдан ўтувчи бўлса, майли. Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сиздан бирингиз таҳоратхонадан келса ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ-ла таяммум қилинг. Бас, юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва мағфират қилувчи Зотдир
- Китобдан насиба берилганларнинг залолатни сотиб олишларини ва сиз йўлдан адашишингизни исташларини кўрмайсизми
- Аллоҳ сизнинг душманларингизни билувчи Зотдир. Валийликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. Нусрат берувчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур
- Яҳудий бўлганлардан калималарни ўз жойидан бузиб ўзгартирувчилар бор. Улар тилларини буриб ва динга таъна етказиб: «Эшитдик ва исён қилдик, эшит, эшитмай қолгур ва «Роина» дерлар. Агар улар, эшитдик, ва итоат қилдик, эшит ва бизга назар сол, деганларида, албатта, ўзларига яхши ва тўғри бўлар эди. Лекин Аллоҳ уларни куфрлари сабабли лаънатлади. Бас, озгиналаридан бошқалари иймон келтирмаслар
- Эй, китоб берилганлар! Юзларни бузиб, орқаларига бурмасимиздан ёхуд уларни шанба одамларини лаънатлаганимиздек лаънатламасимиздан олдин, сизлардаги нарсани тасдиқловчи бўлиб келган нарсага иймон келтиринг. Аллоҳнинг иши амалга ошгусидир
- Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир
- Ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмайсанми?! Йўқ! Аллоҳ кимни хоҳласа, шуни поклайдир. Ва қилча зулм қилинмаслар
- Уларнинг Аллоҳга ёлғон тўқишини кўрмайсанми?! Шунинг ўзи ҳам очиқ-ойдин гуноҳликка етарлидир
- Китобдан насибадор бўлганларнинг ботилга ва тоғутга иймон келтиришларини ва куфр келтирганларни (кўрсатиб): «Анавилар, иймон келтирганлардан кўра ҳидоятлироқ йўлдалар», дейишларини кўрмайсанми
- Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлагандир. Кимни Аллоҳ лаънатласа, унга ҳеч нусратчи тополмассан
- Ёки улар мулкдан насибадорлар-у, шундай тақдирда ундан одамларга зиғирча ҳам бермасларми
- Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми? Батаҳқиқ, Иброҳим оиласига китобни, ҳикматни ва улуғ мулкни берганмиз-ку
- Бас, уларнинг ичида у(Муҳаммад)га иймон келтирганлар ҳам бор, ундан юз ўгириб куфр келтирганлар ҳам бор. Жаҳаннам куйдириш азобига кифоя қилур
- Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирармиз. Албатта, Аллоҳ Азийз ва Ҳакийм Зотдир
- Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритармиз. Унда абадий, боқий қолурлар. Унда уларга покиза жуфтлар бор. Ва уларни қуюқ сояларга киритармиз
- Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир
- Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир
- Сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирганларини даъво қилаётганларни кўрмайсанми?! Тоғутдан ҳукм сўраб боришни истарлар. Ҳолбуки, унга куфр келтиришга буюрилганлар. Шайтон эса, уларни йўлдан бутунлай адаштиришни истайдир
- Агар уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайғамбар ҳузурига келинглар», дейилса, мунофиқлар сендан тамоман юз ўгирганларини кўрурсан
- Энди, қилган нарсалари туфайли уларга мусийбат етгандан сўнг, сенга келиб, Аллоҳ ила қасам ичиб: «Биз фақат яхшилик ва тавфиқни хоҳлаган эдик», дейишлари қандай бўлди
- Ана ўшаларнинг қалбларидагини Аллоҳ биладир. Бас, уларнинг қилганидан юз ўгир! Уларга ваъз қил! Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла
- Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳимли Зот эканини топган бўлур эдилар
- Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар
- Агар Биз уларга, ўзларингизни ўлдиринг ёки ўзингизни диёрларингиздан чиқаринг, деб фарз қилганимизда, озгиналаридан бошқаси буни қилмас эдилар. Улар ўзларига ваъз қилинган нарсаларни қилганларида эди, ўзларига яхши ва саботлари мустаҳкам бўлар эди
- У ҳолда, Биз ҳам уларга Ўз ҳузуримиздан улуғ ажр берган бўлур эдик
- Ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур эдик
- Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва улар қандай ҳам яхши рафиқ (ҳамроҳ)лардир
- Бу — Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур
- Эй, иймон келтирганлар! Ўзингизни ҳушёр тутинг ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғалинг ёки тўп ҳолингизда қўзғалинг
- Албатта, ичингизда ортда қоладиганлар ҳам бор. Агар сизга мусийбат етса, у: «Аллоҳ Ўзи менга неъмат берди, яхшиямки, улар билан бирга ҳозир бўлмаганим», дейди
- Агар сизга Аллоҳдан фазл етса, худди сиз билан унинг орасида дўстлик бўлмагандек, «Қани энди, мен ҳам улар билан бўлганимда, улуғ зафар қозонар эдим», дейди
- Охират учун бу дунё ҳаётини сотадиганлар Аллоҳнинг йўлида жанг қилсинлар. Ким Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлдирилса ёки ғолиб келса, Биз унга, албатта, улуғ ажрни берурмиз
- Нима учун Аллоҳнинг йўлида ва: «Эй Роббимиз, бизни аҳли золим шаҳардан чиқаргин, бизга Ўз томонингдан дўст ато қилгин ва Ўз томонингдан нусратчи ато қилгин» деяётган заифҳол эркагу аёл ва болалар йўлида жанг қилмайсизлар
- Иймон келтирганлар Аллоҳнинг йўлида жанг қилурлар. Куфр келтирганлар тоғутнинг йўлида жанг қилурлар. Бас, шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилинг. Албатта, шайтоннинг ҳийласи заифдир
- Қўлингизни тийинг, намоз ўқиб, закот беринг, деб айтилган кимсаларни кўрмайсанми?! Уларга уруш фарз қилинганда, бирдан, бир гуруҳлари одамлардан худди Аллоҳдан қўрққандек ёки ундан ҳам қаттиқроқ қўрқишмоқда. Ва: «Эй Роббимиз, бизга урушни нега фарз қилдинг, бироз ортга суриб турсанг бўлмасмиди?!» демоқдалар. «Дунёнинг матоҳи оз, охират эса, тақво қилганларга яхшидир. Ва қилчалик зулм қилинмассизлар», деб айт
- Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир. Агар уларга яхшилик етса, бу Аллоҳдан, дерлар. Ёмонлик етганда эса, бу сендан, дерлар. «Ҳаммаси Аллоҳдан», деб айт! Анави қавмларга нима бўлдики, гапни тушунай демаслар
- Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир. Ва сенга етган ёмонлик нафсингдандир. Биз сени одамларга Пайғамбар қилиб юбордик. Шоҳидликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур
- Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур. Ким юз ўгирса, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ
- Улар, итоат, дерлар. Ҳузурингдан чиққач эса, бир тоифалари айтганингдан бошқага хуфёна тил бириктирарлар. Аллоҳ хуфёна тил бириктирган нарсаларини ёзиб қўядир. Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур
- Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар
- Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш — хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз
- Аллоҳнинг йўлида жанг қил! Ўзингдан бошқадан масъул қилинмассан. Мўминларни қизиқтир. Шоядки, Аллоҳ куфр келтирганларнинг шиддатини дафъ қилса. Аллоҳ шиддати қаттиқ ва азоби ортиқ Зотдир
- Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир
- Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи Зотдир
- Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни албатта жамлайдир. Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ
- Сизга нима бўлдики, мунофиқлар ҳақида иккига бўлинасизлар?! Ҳолбуки, Аллоҳ уларни расво қилиб қўйди-ку. Аллоҳ адаштирган кимсаларни ҳидоят қилмоқчи бўласизларми?! Аллоҳ кимни адаштирган бўлса, унга йўл топа олмассан
- Улар сиз ҳам худди ўзларидек кофир бўлиб, уларга тенглашишингизни хоҳларлар. Токи Аллоҳ йўлида ҳижрат қилмагунларича, улардан дўст тутманг. Агар юз ўгириб кетсалар, бас, уларни тутинг ва қаерда топсангиз, ўлдиринг. Улардан дўст ҳам, ёрдамчи ҳам тутманг
- Магар сиз билан орасида аҳднома бор қавмга етиб борсалар ёки сизлар билан ҳам, ўз қавмлари билан ҳам урушиш кўнгилларига сиғмасдан ҳузурингизга келсалар, майли. Аллоҳ хоҳлаганида, уларни сиздан устун қилиб қўярди ва улар сизларга қарши уруш қилардилар. Агар сиздан четлансалар ва сиз билан урушмасдан, тинчликни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга уларнинг зиддига йўл бермас
- Сиздан ҳам, ўз қавмларидан ҳам омонда бўлишни хоҳлайдиган, фитнага қайтарилган чоғларида унга шўнғийдиган бошқа бировларни ҳам кўрасизлар. Агар сиздан четланмасалар, сизга тинчликни таклиф қилмасалар ва қўлларини тиймасалар, бас, уларни тутинг ва қаерда топсангиз, ўлдиринг. Ана ўшандайлар устидан сизга очиқ ҳақ бердик
- Мўмин мўминни ўлдирмас. Магар билмасдан қилиши мумкин. Кимки мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, бас, унга мўмин қулни озод қилиш ва (ўлганнинг) аҳли кечирмасалар, хун бериш вожиб бўлур. Агар у сизга душман қавмдан бўлиб, ўзи мўмин бўлса, мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур. Агар у сиз билан орасида аҳдномаси бор қавмдан бўлса, аҳлига бериладиган хун ва мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур. Ким топмаса, Аллоҳга тавба учун кетма-кет икки ой рўза тутиш вожиб бўлур. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир
- Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир
- Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар. Бу дунё ҳаётининг ўткинчи ўлжасини истайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса, кўплаб ўлжалар бор. Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир
- Мўминлардан бешикаст бўла туриб ўтириб қолганлари билан Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилувчилари баробар бўлмаслар. Аллоҳ моллари ва жонлари билан жидду жаҳд қилувчиларнинг даражасини ўтириб қолувчилардан афзал қилди. Аллоҳ ҳаммага яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб қолувчилардан улуғ ажр ила афзал қилган
- Ўзидан бўлган даражалар ила, мағфират ва раҳмат ила (афзал қилган). Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир
- Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинглар?» дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой
- Фақат эркаклар, аёллар ва болалардан иборат, бирон чорага қодир бўлмаган, йўлни топа олмаган бечораларгина бундан мустасно
- Ана ўшалар, шоядки, Аллоҳ уларни афв этса. Зотан, Аллоҳ афв этувчи ва мағфират қилувчи Зотдир
- Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топадир. Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушадир. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир
- Ер юзида жавлон урганингизда, куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан хавф қилсангиз, намозни қаср қилиб адо этмоғингизда гуноҳ йўқдир. Албатта, кофирлар сизга очиқ душмандирлар
- Улар ичида бўлсанг-у, намоз адо қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Сажда қилганларидан кейин орқангизга ўтсинлар. Намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб, сен билан намоз ўқисин. Эҳтиёт бўлиб, силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Силоҳларингиз ва матоҳларингиздан ғофил бўлсангиз, куфр келтирганлар устингиздан бирдан ҳамла қилишни истарлар. Ёмғирдан озор етса ёки бемор бўлсангиз, силоҳларингизни қўймоғингизда гуноҳ йўқдир. Ҳушёр бўлинглар! Албатта, Аллоҳ кофирларга хорловчи азоб тайёрлагандир
- Намозни адо этганингиздан сўнг, Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эсланг. Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир
- У қавмни қувишда бўш келманг. Агар алам чекаётган бўлсангиз, улар ҳам сиз алам чекаётганингиздек алам чекмоқдалар. Сиз эса, Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани умид қилмоқдасиз. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир
- Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма
- Аллоҳга истиғфор айт! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир
- Ўз жонларига хиёнат қиладиганларни мудофаа қилма. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва гуноҳкор бўлган кимсани хуш кўрмас
- Одамлардан яширарлар ва Аллоҳдан яшира олмаслар. Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни иҳота қилувчи Зотдир
- Ҳой, сизлар! Бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким оладир ёки ким уларга вакил бўладир
- Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳимли Зот топадир
- Ким гуноҳ қилса, уни фақатгина ўз зарарига қиладир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир
- Ким хато ёки гуноҳ қилса-ю, сўнгра уни беайбга ағдарса, шубҳасиз, бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз бўйнига олибдир
- Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмаслар. Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди
- Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берурмиз
- Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой
- Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, қаттиқ адашган бўлур
- Улар Ундан бошқа фақат аёл санамларга ибодат қилурлар ва фақат бебош шайтонга ибодат қилурлар
- Аллоҳ уни лаънатлади. У эса: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан
- Уларни адаштираман, хомхаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар», деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир
- У уларга ваъда берур ва хомхаёлларга солур. Шайтон уларга ғурурдан бошқа нарсани ваъда қилмас
- Ана ўшаларнинг жойлари жаҳаннамдир. Ва ундан қутулиш йўлини топа олмаслар
- Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритурмиз. Унда абадий — бардавом қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ростгўйроқ зот борми
- Сизларнинг хомхаёлингизча ҳам эмас, аҳли китобларнинг хомхаёлича ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас
- Эркакми, аёлми — ким мўмин бўлган ҳолда яхшиликлар қилса, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас
- Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди
- Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳга хосдир ва Аллоҳ ҳар бир нарсани иҳота қилган Зотдир
- Сендан аёллар ҳақида фатво сўрарлар. «Аллоҳ сизга улар ҳақида ва китобда тиловат қилинадиган, сиз уларга тайин қилинган нарсани бермай никоҳига рағбат қилганингиз аёллар ҳақида, заифҳол болалар ҳақида ва етимларга адолат қилмоғингиз ҳақида фатво берадир», деб айт. Аллоҳ қилган ҳар бир яхшилигингизни билувчи Зотдир
- Агар аёл киши ўз эридан нафрат ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида гуноҳ йўқ. Сулҳ яхшидир. Нафслар қизғанишга ҳозирдир. Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардор Зотдир
- Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллаққа ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир
- Агар ажрашсалар, Аллоҳ Ўз фазлидан ҳар бирини беҳожат қилур. Аллоҳ фазли кенг ва ҳикматли Зотдир
- Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Батаҳқиқ, Биз сиздан олдин китоб берилганларга ҳам, сизга ҳам: «Аллоҳга тақво қилинглар», деб васият қилдик. Агар куфр келтирсангиз, албатта, осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ беҳожат ва мақталган Зотдир
- Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Вакил бўлишга Аллоҳ кифоядир
- Агар У Зот хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Ва Аллоҳ бунга қодир бўлган Зотдир
- Ким бу дунё савобини истаса, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам у дунёнинг савоби бордир. Ва Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир
- Эй, иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир
- Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўлади
- Албатта, иймон келтирганларидан кейин куфр келтирганлар, сўнгра иймон келтириб яна куфрга кетган ва куфрида зиёда бўлганларни Аллоҳ мағфират қилмас ва тўғри йўлга ҳидоят этмас
- Мунофиқларга уларга албатта аламли азоб бўлишининг башоратини бер
- Улар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутадиганлардир. Уларнинг олдида иззат, куч-қудрат излайдиларми? Албатта, иззат, куч-қудратнинг барчаси Аллоҳнинг ҳузуридадир
- Батаҳқиқ, сизларга китобда: «Аллоҳнинг оятларига куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилинган чоғда, бошқа гапга ўтмагунларича, улар билан ўтирманглар», деб туширди. Агар ўтирсангиз, сиз ҳам уларга ўхшашсиз. Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг ҳаммасини жаҳаннамда жамловчидир
- Улар сизларни кузатиб турурлар. Сизларга Аллоҳ томонидан фатҳ бўлса: «Сизлар билан бирга эмасмидик?!» дерлар. Агар кофирларга насиба бўлса: «Сизларга устун келиб, мўминлардан ҳимоя қилмадикми?» дерлар. Аллоҳ қиёмат куни улар орасида ҳукм қилур. Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас
- Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдовчи»дир. Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турурлар ва Аллоҳни камдан-кам зикр қилурлар
- Улар орада сарсондирлар. На анавиларга қўшила оладирлар ва на манавиларга қўшила оладирлар. Аллоҳ кимни йўлдан адаштирса, ҳаргиз унга йўл топа олмассан
- Эй, иймон келтирганлар! Мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманг. Аллоҳнинг ҳузурида ўз зиддингизга очиқ ҳужжат қилишни хоҳлайсизми
- Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан
- Магар тавба қилиб, солиҳ амаллар қилган, Аллоҳни маҳкам ушлаган ва Аллоҳ учун динга ихлос қўйганлар — ана ўшалар мўминлар ила биргадирлар. Аллоҳ, албатта, мўминларга улуғ ажр берур
- Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қиладир?! Аллоҳ Шакур(оз амал учун кўп савоб берувчи) ва билувчи Зотдир
- Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмас. Магар мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир
- Агар яхшиликни ошкора ёки махфий қилсангиз ёки ёмонликни афв этсангиз, албатта, Аллоҳ афвли ва қодир Зотдир
- Албатта, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига куфр келтирадиганлар ва Аллоҳ ила Пайғамбарлари орасида айримчиликни ирода қиладиганлар ҳамда баъзиларига иймон ва баъзиларига куфр келтирамиз, деб ана ўшандай ора йўлни тутишни хоҳлайдиганлар
- Ана ўшалар, ҳақиқий кофирлардир. Ва кофирларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйганмиз
- Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганларга ва уларнинг бирортасини ҳам айирмаганларга — ана ўшаларга ажрларини албатта берурмиз. Ва Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир
- Аҳли китоблар сендан уларга осмондан китоб тушириб беришингни сўрарлар. Мусодан бундан ҳам катта нарсани сўраганлар — «Бизга Аллоҳни ошкора кўрсат», деганлар. Бас, зулмлари туфайли уларни чақмоқ урди. Сўнгра, уларга очиқ-ойдин баёнотлар келганидан кейин бузоқни (худо қилиб) олдилар. Бас, Биз буни ҳам афв қилдик ва Мусога очиқ-ойдин султон бердик
- Ва аҳдномаларига мувофиқ, устиларига Турни кўтардик ва уларга: «Эшикдан эгилиб киринглар» ҳамда «Шанба куни ҳаддингиздан ошманг», дедик. Ва улардан мустаҳкам аҳднома олдик
- Аҳдномаларини бузганлари, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари, Пайғамбарларни ноҳақдан ўлдирганлари, «қалбларимиз берк» деганлари учун. Йўқ! Балки, куфрлари сабабли Аллоҳ қалбларига муҳр босган, озгиналаридан бошқаси иймон келтирмаслар
- «Ва куфрлари, Марямга қарши улкан бўҳтон айтганлари учун»
- «Биз Аллоҳнинг Расули Масийҳ Ийсо ибн Марямни ўлдирдик», деганлари учун (уларни лаънатладик). Ҳолбуки, уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди. У ҳақида ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашарлар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир
- Балки, уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ азийз ва ҳакийм бўлган Зотдир
- Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса, у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур
- Яҳудий бўлганларга, уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун, ўзларига ҳалол қилинган нарсани ҳаром қилдик
- Ва қайтарилган бўлсалар ҳам, рибо олганликлари ва одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлари учун. Ва уларнинг кофирлари учун аламли азобни тайёрлаб қўйдик
- Лекин, улардан илмда мустаҳкам бўлганлари ва мўминлари сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирурлар. Хусусан, намозни қоим қилувчилар, закот берувчилар, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчилар ҳам. Ана ўшаларга албатта улуғ ажр берурмиз
- Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги Пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик
- Ва Биз сенга бундан олдин қиссаларини айтиб берган ва қиссаларини айтиб бермаган Пайғамбарларни юбордик. Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди
- Башорат берувчи ва огоҳлантирувчи Пайғамбарларни Аллоҳ ҳузурида одамларга Пайғамбарлардан сўнг ҳужжат бўлмаслиги учун юбордик. Ва Аллоҳ азийз ва ҳакийм бўлган Зотдир
- Лекин Аллоҳ сенга нозил қилган нарсаси ила гувоҳлик берадир. Уни Ўз илми ила нозил қилди. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур
- Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар, батаҳқиқ, қаттиқ адашгандирлар
- Албатта, куфр келтирганлар ва зулм қилганларни Аллоҳ зинҳор мағфират қилмас ва йўлга ҳидоят ҳам қилмас
- Магар жаҳаннам йўлига (ҳидоят қилур) ва унда абадий қолурлар. Бу, Аллоҳ учун осондир
- Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизларга Роббингиздан ҳақ ила Пайғамбар келди. Бас, иймон келтиринг, ўзингизга яхши бўладир. Агар куфр келтирсангиз, албатта, осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир
- Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масийҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас. У Ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур
- Масийҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор бош тортмаслар. Ким Унинг ибодатидан бош тортса ва мутакаббирлик қилса, уларнинг ҳаммасини Ўзига тўплар
- Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни эса, ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Аммо, ор қилиб кибрга кетганларни аламли азоб билан азоблар ва улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топмаслар
- Эй одамлар! Сизга Роббингиздан бурҳон келди ва сизга аниқ нурни нозил қилдик
- Аллоҳга иймон келтирган ва Уни маҳкам тутганларни, шубҳасиз, Ўзидан бўлган раҳматга ва фазлга киритур ва уларни унга — тўғри йўлга ҳидоят қилур
- Сендан фатво сўрарлар. «Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво берур», деб айт. Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга марҳумдан қолганнинг ярми берилур. Агар сингилнинг боласи бўлмаса, у ҳамма меросни олур. Агар сингил иккита бўлса, улар марҳумдан қолганнинг учдан иккисини олурлар. Агар (меросхўрлар) эркак-аёл биродарлар бўлсалар, бир эркак икки аёл ҳиссаси асосида олурлар. Адашмаслигингиз учун Аллоҳ баён қилмоқда. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир